вторник, 24 сентября 2013 г.

Bechora hakam



БEЧОРА ҲАКАМ.

   Акбар аеропортга кеч қолмаслик мақсадида автобусга чиқди. Ёзнинг иссиғида автобус йўловчилар билан тўлиб-тошган пайт. Акбар кутилмаганда беҳосдан дўмбоққина аёлнинг оёғини босиб олади. У бирдан автобусни «бошига кўтарди».
   - Ҳей, кўзингга қарасанг ўласанми? Кўзинг борми ўзи…?
   - Узр опа, билмай босиб олдим…
   - Билмаганмиш, балонинг барини биласан тақирбош. Куппа кундузи тегажонлик қилишини қаранг бу ярамасни. Йўқ, сен атайлаб босдинг. Нега шунча одам турганда, келиб-келиб меникини босасан. Қошларингга бит тушгир, оёқ қўлларинг сингур…
   Аёл тинмай жавраётганди. Акбар эса бу гапларга парво ҳам қилмаяпти. Дўмбоққина хоним шунча қарғишидан сўнг ҳам Акбарнинг парвойи палак бўлиб турганини кўриб яна-ям қизишиб кетди:
   - Ҳув калбош. Сенга гап таъсир қиладими ўзи. Шунча ҳақорат қилаяпману, сен бўлсанг «Менга гапиряпсанми ё итгами?» дегандек жим турибсан…
   - Опа мен ҳакамман. Мухлисларнинг ҳақоратлари ёнида сизнинг гапларингиз менга мақтовдек туйилаяпти…
***
   Акбар аеропортдан тушиб тўғри стадионга йўл олди. Ахир бугун турнинг марказий баҳси – «Навбаҳор» ва «Нефтчи» жамолари ўртасидаги учрашувни бошқариши керак-да. Учрашувдан олдин қаттиқ ҳаяжонланаётганди. Сабаби оддий – «Водий дербиси»да мухлислар стадионни тўлдиришади. Акбар стадионга тушар экан, ўзини худди дўзах дарвозаси олдида тургандек хис қиларди. Бошида ҳакамнинг учрашувни одил бошқариб боришга ҳаракат қилаётгани сезилиб турди. Мухлислар ҳам унга ортиқча эътироз билдиришмади. Хуллас, биринчи бўлим ниҳоясига етди. Ҳозирча ҳаммаси жойида.
   Иккинчи бўлимни бошлашдан олдин «Eй Худо, ўзинг мадад бер» дея ибодат қилиб ҳам олди. Ҳозирча ҳаммаси яхши кетмоқда. Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида меҳмонлар «Навбаҳор» дарвозасини аниқ нишонга олишди. Гол муаллифи - Худоёр Одилов бу вазиятда яққол ўйиндан ташқари холатда эди. Афсуски, стадионга тушган 40 мингдан ортиқ мухлис кўрган вазиятни на қанот ҳаками, на бош ҳакам кўриди. Ноҳақ урилган гол мухлисларни нақадар ғазаблантирганини кўргач, ҳакам «қовун тушириб қўйгани»ни сезди. Аммо ўз хатосини тузатишга кеч эди. Учрашув 0:1 ҳисобида меҳмонлар фойдасига ҳал бўлди. Ғазаб отига минган мухлислар айбдор ҳакамни боплаб таъзирини бериш мақсадида стадионнинг барча чиқиш йўлакчаларини банд этиб, кутиб туришганди. Бу вазиятдан чиқиб кетиш учун ҳакамга милитсия ҳодимлари ёрдам беришди. Улар ўз бурчларини адо этиш йўлида ҳакамни стадионнинг яширин чиқиш эшигидан эсон-омон, ҳеч кимга кўрсатмай олиб чиқишди. «Дўзах дарвозасидан» соғ чиққанига қувонган Акбар «қалпоғини осмонга отиб», милитсия ходимларига миннатдорчилик билдира бошлади:
   - Катта рахмат. Билмадим, сизлар бўлмаганинггизда ҳолим не кечарди?
   - Ҳечқиси йўқ, безовта бўлманг. Кўзи ожизларга ёрдам бериш ҳар биримизнинг бурчимиздир...
* * *
   Акбар эртаси куни бозордан чиқиб уйига шошилаётганди. Сабаби – бугун унинг туғилган куни. Уйида меҳмонлар интизорлик билан кутишаётганди уни. Шу боис машинаси тезлигини оширди. Кутилмаганда йўл патрол хизмати ходимлари чиқиб қолишди ва машинасини тўхтатишди. «Оббо, шу камлик қилаётганди», деб аста машинадан тушар экан, ўзига ўзи пичирлади: «Ишқилиб булар ҳакам эканлигимни билиб қолмасинлар-да». Афсуски, улар ҳам Акбарни таниб қолишди.
- Адашмасак сиз ҳакамсиз шундайми?
- Йўғ-ей, нималар деяпсиз, шифокорман, - тап тортмай ёлғон гапиришга тушди Акбар.
   - Йўқ, йўқ, сизни жуда яхши танийман, - эътироз билдирди йўл-патрул ходимларидан бири. - Бизнинг жамоага нисбатан адолатсизлик қилгандингиз. Ўшанда бу ҳакам қўлимга тушса, соғ қўймайман, деб оғайниларимга сўз бергандим. Ниҳоят сўзимнинг устидан чиқадиган кун ҳам етиб келди.
   - Шошилмай туринг. Баъзида хатоларга йўл қўйиб тураман. Айтишади-ку, беайб парвардигор… биз ҳам хом сут эмган бандамиз ахир. Бир сафар кечира қолинг энди. Бугун туғилган куним эди.
   - Хўп жаноб ҳакам. Кечирамиз. Туғилган кунингиз муборак бўлсин!
   - Раҳмат ака, - дея машинага шошилаётгандики, милитсиячилар бирдан уни яна ҳузурига чақирдилар.
   - Тўхтанг. Биласизми, сизни кўрса отарга ўқи йўқ мухлислар хаддан ташқари кўп. Шу сабабли бугун, туғилган кунинггизда соғлиғингиз учун қадаҳ кўтармасак бўлмайди. Шунга ҳар биримизга мингдан бериб юборасиз энди! Ҳар ҳолда, сизнинг фойдангизни ўйлаяпмиз.
   - Раҳмат ака. Мана олинглар, доим шунақа мижозларингиз учраб турсин.
   «Уфф… Худога шукр, қутулдим», деб жуфтакни ростламоқчи бўлиб турганида, ҳалиги милитсионер машина ёнига келиб, яна сўз қотди: «Мабодо итга эҳтиёж сезсангиз, менда бор. Уни сизга совға қилишим мумкин. Ҳарқалай, итим билан бемалол юрардингиз…»
   - Итинг бошингда қолсин, хўв маймун, - жаҳли чиққанидан милитсия ходимини сўкиб юборди Акбар. Бу эса патрол ходимларини қуюшқондан чиқишларига сабаб бўлди. Улар қоидага хилоф тарзда иш тутган ҳакамнинг нафақат хайдовчилик, балки машина ҳужжатларини ҳам олиб қўйишди. Акбар эса афсусда. Лекин кеч энди. Ҳайдовчилик гувоҳномасидан айрилган Акбар уйига таксида қайтди. Йўл-йўлакай ҳайдовчи билан суҳбат қуриб борди. Қарангки, ҳайдовчи ҳам Акбарни таниб қолди.
   - Мабодо сиз ҳакам эмасмисиз?
   - Ҳа, танидингизми? – ўзини машҳур кишидай тутди Акбар.
   - Сизни танимай бўларкан-ми? Ўтган кунги «Водий дербиси» эсингиздами?
   - Ҳа, эсимда…, - бу ҳам мени сўкмоқчи, чоғи, ўйланиброқ жавоб берди Акбар.
   - Ўшанда сизга совға бермоқчи эдим. Лекин имкон топилмади. Мана бугун имконият туғилди. Ушбу кўзойнак сизга жаноб ҳакам. Буни майдонга тақиб тушсангиз, биз – мухлислар сиздан хурсанд бўлардик. Эсингизда бўлса, «Водий дербиси»да меҳмонлар ўйин қоидасини бузишгани учун мезбонлар вакилини майдондан четлатгандингиз. Кўзойнакни тақиб юрсангиз, жамоаларни фарқлай оласиз…
   - Хўп раҳмат, ўша воқеа учун узр сўрайман… Акбар на йиғлаш, на кулишни биларди. Шу тобда машина светафорда тўхтади. Такси ёнига ахлат ташувчи юк машинаси ҳам тўхтади. Таксичи машина ойнасини тушириб, унинг ҳайдовчисига сўз қотди:
   - Салом ҳамкасб, ишлар яхшими?
   - Қанақа қилиб сен билан ҳамкасб бўлай? Кўрмаяпсанми, нима олиб кетаётганимни?
   Ҳайдовчи машинанинг орқа ўриндиғига ишора қилиб, баланд овозда жавоб берди: «Сен ҳам кўриб қўй, иккимиз бир хил нарса олиб кетяпмиз». Бунақа ҳақоратга чидолмаган Акбар шартта машинадан тушиб кетди. Таксичи мазза қилиб кулганиданми ёки ҳакамнинг боплаб таъзирини берганиданми, йўлкира олишни унутиб йўлида давом этди. Акбар бўлса жаҳли чиққанлигидан бошқа таксига ўтиргиси келмай уйига яёв йўл олди.


Yusupov Furqat.
furqat_1112@mail.ru 

Комментариев нет:

Отправить комментарий