воскресенье, 17 ноября 2013 г.

Қизиқарли, ҳайратланарли, ажойиб...

Футбол тарихи жуда бой ва қизиқарли. Архивларни титкилаш асносида ҳар қадамда мухлисларни қизиқтирадиган маълумотларга дуч келиш мумкин. Қуйида ҳукмингизга ана шундай қизиқарли, ҳайратланарли айрим фактларни қисқа ва лўнда ҳолда ҳавола этяпмиз. Ўйлайманки, бу каби маълумотлар сизни қизиқтирмасдан қолмайди. Зеро, қисқа ва лўнда гапга нима етсин?

- «Милан»нинг афсонавий футболчиси Нилс Лидхолм «А» сериясида 367та ўйинда 81та гол урган ва бирор марта сариқ карточка олмаган.

- 1989 йилги Либертадорес кубоги финалида Колумбиянинг «Атлетико Насьонал» клуби посбони Рене Игита пенальтилар сериясида 1та гол уради ва 4та зарбани бартараф этади.

- «Чаён зарбаси» муаллифи Рене Игита одам ўғирлашда айбланиб, қамоққа тушган. Аслида у дўстининг қизини гаровдан қутқаришда асосий ролни бажарган. Яъни воситачи бўлиб, 64 минг доллар миқдорида мукофот олган. Бу Колумбия қонунларига зиддир. Бутун мамлакатда унинг ёнини олганлар кўп бўлди. Игита эса ўзини оқлаш учун қамоқхонада очлик эълон қилади. Оқибатда озодликка чиқарилади.

- «Қора ўргимчак» лақабли буюк дарвозабон Лев Яшин фаолияти давомида 150тадан ортиқ 11 метрли жарима зарбаси йўналишини топган.

- «Милан» форварди Алешандро Патонинг Стефани Брити билан никоҳ тўйига Бразилия президенти Игнасио Лула ҳам ташриф буюрган.

- Оливер Кан 2008 йили «Мен», деб номланган китобини нашр қилдирди. Лекин у кипернинг автобиографияси эмас.

- Робин ван Перси «Фейеноорд» сафида ўйнаб юрган кезлари «Голландия гўзали» танлови ғолибаси Сандра исмли қизни зўрлаганликда айбланиб, 2 ҳафта қамоқда ўтириб чиқади. Кейинчалик унинг айбсизлиги исботланган.

- Паоло Мальдини ёшлигида «Милан»нинг ашаддий рақиби - «Ювентус»га мухлислик қилган.

- Паоло Мальдини 2008 йилнинг 17 февралида ўзининг 1000-расмий ўйинини ўтказди. Уларнинг 981тасида 1-дақиқадан майдонга тушган ва 916тасида алмаштирилмаган. Умуман, «Милан» фахри фаолияти давомида жами 1042та учрашувда қатнашган.

- Карлес Пуйолнинг отаси йўл ишчиси бўлиб ишлаган ва асфальт ётқизаётганида трактор остида қолиб кетиб, фожиали тарзда оламдан ўтган.

- Каканинг тўлиқ исми-шарифи - Рикардо Изексон Дос Сантос Лейта. Кака эса лақаб: у футболчининг укаси Родриго (Дигао) томонидан берилган.

- Фернандо Торрес 19 ёшидаёқ «Атлетико» сардори бўлган.

- Пеле билан тенгдош бўлган Геннадий Красницкий 1963 йили собиқ иттифоқ клублар терма жамоаси сафида Бразилия дарвозасига гол урган - жарима зарбасидан.

- Бразилия терма жамоаси массажчиси Марио Америко «сариқ девлар» билан 25 йил фаолият кўрсатган. У 1950-1975 йилларда жамоа массажчиси бўлиб ишлаган ва нақ 7та мундиалда (!) иштирок этган ягона шахсдир.

- Роналдонинг ЖЧ-2002 финалидаги ўзига хос соч турмаги The Sun нашри томонидан футбол тарихида энг яхшиси, деб топилган.

- Manchester TV 1998 йилдан, Milan Cannel 1999 йилдан, Chelsea TV эса 2001 йилдан ўз намойишларини бошлаган.

- «Буюк дерби», яъни «Палмейрас» ва «Коринтианс» жамоалари ўртасида 1974 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган ўйинни томоша қилиш учун стадионга 120522 мухлис тушган. Бу ўзига хос рекорддир.

- «Турк классикоси» иштирокчиларидан «Фенербахче» Европа, «Галатасарой» эса Осиё ҳудудида жойлашган.

- «Шальке-04» Адольф Гитлернинг севимли жамоаси бўлган.

- Уругвайнинг «Пеньярол» ва «Насьонал» жамоалари биргаликда жами 85 марта мамлакат чемпиони бўлишган ва Либертадорес кубогида 8 бора ғолиб чиқишган.

- «Пеньярол» ва «Насьонал» жамоа-лари баҳсида (1990 йил) ҳакам 22та қизил карточка кўрсатган, бунинг устига, 9 нафар футболчи ва бир мураббий ҳибсга олинган.

- Грециянинг АЕК (Константинопол атлетика иттифоқи) клубини Туркиядан ҳайдалган қочоқлар ташкил қилишган.

- Райан Гиггз фаолиятини Манчестер шаҳрининг иккинчи клуби - «Манчестер Сити»да бошлаган.

- 1968 йили Чемпионлар кубоги турнирида ғолиб чиққан «МЮ» 1974 йили кутилмаганда қуйи лигага тушиб кетган.

- «Милан» билан кўплаб ютуқларга эришган мураббий Арриго Сакки бир пайтлар пойафзал сотувчиси бўлган.

- 1943 йили Испания чемпионати 14-туридан ўрин олган «Барселона»-«Реал» баҳсида ўта жанговар ҳисоб қайд этилган - 5:5.

- Grands Scotch Whisky компанияси спорт тарихидаги энг салбий характерли шахсларни аниқлаш мақсадида мухлислар ўртасида махсус сўров ўтказади. Унда «Темир Майк» - Майк Тайсон 1-ўринни олган. Иккинчи ўрин эса 1986 йилги ЖЧда инглизлар дарвозасига қўли билан гол урган Марадонага берилган.

- Марко Матерацци болалигида баскетболчи бўлишни орзу қилган, афсонавий Майкл Жордан унинг спортдаги кумири ҳисобланади. Марконинг айнан Жордан ўйнаган 23-рақамни ўзига олгани бежиз эмас.

- 1995 йили жаҳоннинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган либериялик Жорж Веада оз эмас, кўп эмас нақ 15 нафар (!) ака-ука ва опа-сингли бўлган.

- Алан Ширер ёшлигида дурадгор бўлишни орзу қилган.

- Ўтмишда «Ливерпуль» ва «Тоттенхэм» клубларида ном қозонган машҳур ҳимоячи Нейл Риддок 2002 йилнинг декабрида ортиқча вазни сабаб «Суиндон Таун» клуби сафидан четлатилган. 95 килограммли (!) бечора футболчига 86 бичимдаги трусадан бирортаси тўғри келмагач, раҳбарлар унга жамоадан кетишни маслаҳат беришган.

- Афсонавий дарвозабон Дино Зофф профессионал фаолиятидаги дебют учрашувида 5та (!) гол қабул қилган...


P.S: Ўзим йиққан маьлумотлар асосида тайёрладим.

Фурқат ЮСУПОВ

Манба: furqatyusupov.blogspot.com

Комментариев нет:

Отправить комментарий